Ру En O'z
30 Ноябрь 2022 1525

“Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун қуриладиган объектлари спортимиз ривожи учун хизмат қилади

Бир неча кун аввал Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун қуриладиган Олимпия шаҳарчасига тамал тошини қўйди. Лойиҳа амалга оширилгач, 100 гектарли майдонда замонавий спорт иншоотлари қад ростлайди. Шу ўринда, мазкур объектлардан самарали фойдаланиш масаласи кун тартибидан ўрин олмоқда. Бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида ушбу мавзуга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Уни Вазир Адҳам Икрамов олиб борди. Шунингдек, тадбирда Қурилиш вазирининг ўринбосари Шукруллобек Жаҳонгиров, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Республика олий спорт маҳорати мактаби раҳбарлари, ЎзДЖТСУ ва бир қатор ташкилот мутасаддилари иштирок этишди. 

Ойбек Касимов йиғилиш давомида ҳар бир объектнинг қурилиши, мусобақадан сўнг улардан қайси федерация ва спорт мактаблари жой олиши режалаштирилгани ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, 17 000 метр квадратни ташкил этадиган маъмурий бинодан Спортни ривожлантириш вазирлиги, Кураш институти, Паралимпия институти, Спорт академияси, Илмий-тадқиқот институти, Антидопинг агентлиги, Бинолардан фойдаланиш дирекцияси, Мажлислар зали, Конференц зал, Музей, Катта маъруза зали жой олиши режалаштирилган. Бино энг сўнгги инновацион технологиялар билан жиҳозланади. Шунингдек, таълим оладиган тингловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида ўқув хоналаридан ташқари катта ўринли маъруза залининг барпо этилиши унинг аҳамиятли жиҳатларидан бири бўлади.

Спортни ривожлантириш вазири йиғилиш давомида шаҳарчанинг ҳар бир ҳудудидан унумли фойдаланиш кераклиги, у ўзбек спортининг ривожи учун хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Суҳбат давомида Олимпия шаҳарчасидан жой оладиган федерацияларнинг фаолиятини Спорт академияси, Илмий-тадқиқот институти ва бошқа ташкилотлар билан мувофиқлаштириш каби мавзулар ҳам кўриб чиқилди. 

Адҳам Икрамов ташкилотларнинг жойлашувини чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда амалга ошириш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Йиғилиш якунида ҳар бир ташкилот масъулларига мунтазам равишда қурилиш майдонига ташриф буюриб, жараённи яқиндан кўздан кечириб бориш бўйича топшириқ берди.

Text to speech