Фарғонадаги спорт муассасалари фаолияти мутасаддилар нигоҳида
МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов айни пайтда Фарғона вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди. Мутахассис ташриф давомида вилоятдаги спорт таълими муассасалари фаолиятини яқиндан ўрганмоқда.
Жумладан, у бугун Фарғона Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, шунинингдек, бир қатор БЎСМ ҳамда ИБЎСМларда бўлди. Шерзод Рихсибоевич вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари билан жойларни кўздан кечирар экан, ёш спортчилар учун яратилган шароитларга алоҳида аҳамият қаратди. Асосий машғулотлардан ташқари уларнинг таълим олиши, мароқли ҳордиқ чиқариши зарур эканини таъкидлади.
Шунингдек, тиббиёт бўлими ва ошхонада ҳам бўлиб, ёш спортчиларнинг овқатланиш рациони билан танишди. МОҚ раиси ўринбосари келажакда ёш атлетларимизнинг қайд этадиган натижалари уларнинг тўғри ва сифатли овқатланиши, кўрсатиладиган юқори даражадаги тиббий хизматга ҳам боғлиқлигини эслатиб ўтди.
Шерзод Ташматов ташриф давомида мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз тавсияларини берди.