Ру En O'z
29 Ноябрь 2022 1224

Шерзод Ташматов Мексикадаги жаҳон чемпионати якуни бўйича танқидий йиғилиш ўтказди

Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жорий ой Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритганидан хабарингиз бор. Бугун МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов Павел Хан бошчилигидаги мураббийлар штаби билан дунё биринчилиги якунлари ва олдиндаги режалар бўйича йиғилиш ўтказди.

Шерзод Рихсибоевич Мексикада жамоа юқори натижа қайд этгани билан барчани яна бир бор қутлади. Бироқ йиғилишни танқидий руҳда ўтказиб, шоҳсупага кўтарила олмаган спортчиларнинг иштирокидан кўнгли тўлмаганини билдирди. Дунё биринчилигидан сўнг эйфорияни бир четга суриб, олдинда турган мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлади.

Хусусан, терма жамоани 6-11 декабрь кунлари Саудия Арабистонида ўтадиган якуний Гран-при кутиб турибди. Париж-2024 Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини тақдим этадиган мусобақа алоҳида тайёргарлик талаб этиб, унда жаҳон рейтингида кучли 16 таликдан жой олган атлетларгина қатнаша олади. Айни пайтдаги рейтинг ҳолатига кўра, мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси шарафини Улуғбек Рашитов, Никита Рафалович, Шуҳрат Салаев ва Светлана Осипова ҳимоя қилади.

Павел Хан суҳбат давомида жаҳон чемпионатида иштирок этган спортчилар қисқа ҳордиқдан сўнг яна машғулотларга қайтгани, терма жамоа вакилларининг саломатлиги яхши экани ҳақида маълумот берди. Йиғилиш якунида Шерзод Рихсибоевич якуний Гран-прида максимал натижа қайд этиш ва бунинг учун спортчиларга барча шароитларни яратиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.

Text to speech