Сакен Полатов финаллар олдидан ёш боксчиларимизга омад тилади
Шу кунларда Испаниянинг Ла Нусия шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. Финал жанглари олдидан кеча дам олиш куни бўлди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти томонидан терма жамоа аъзолари учун ўзига хос сайр ташкил этилди. Боксчи ва мураббийларимиз шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Биргаликда тушлик қилинди. Ушбу сайрдан сўнг терма жамоамиз аъзоларининг кайфияти янада кўтарилди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ёш боксчиларимиз билан суҳбатлашар экан, ҳукуматимиз, хусусан, шахсан Президентимиз томонидан боксни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, ушбу шароитларга жавобан атлетларимиз ўзларининг муносиб ғалабалари билан спортимиз ривожига ҳисса қўшишлари лозимлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, муҳим баҳслар олдидан бундай ташаббус ёшларимиз кайфиятига ижобий таъсир этиши аниқ. Федерация мутасаддилари шуни инобатга олган ҳолда, эртага чемпионлик учун жанг олиб борадиган 8 нафар боксчимизга барча шароитларни яратиб бермоқда.