Адҳам Икрамов Халқаро кураш ассоциациясининг биринчи вице-президенти этиб сайланди
Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида кураш бўйича жаҳон чемпионатидан аввал Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)нинг Конгресси ўтказилгани ҳақида маълум қилган эдик. Дунёнинг 70 мамлакатидан ташриф буюрган миллий федерациялар иштирокидаги тадбирда 20 га яқин масала кўриб чиқилди.
Улар орасида IKA раҳбарияти таркиби қайта шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ташкилотнинг биринчи вице-президенти лавозимига сайланди. Адҳам Илҳамович ўз нутқида билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, масъулиятли вазифани адо этиш, хусусан, кураш спортининг жаҳондаги мавқейини янада мустаҳкамлаш, унинг Олимпия ўйинлари дастурига киришдек бош мақсадни амалга ошириш, курашнинг бутун дунёдаги оммавийлигини кучайтириш йўлида бор кучини сафарбар қилишини билдирди.
Конгрессни IKA Президенти, Осиё Олимпия Кенгаши Осиё ўйинлари Бош директори Ҳайдар Фармон бошқариб борди. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳам иштирок этди.
Спортни ривожлантириш вазири ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан миллий спортимизни янада тараққий эттириш учун катта аҳамият қаратилаётгани ҳақида алоҳида тўхталди. Қолаверса, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Беш ташаббус Олимпиадаси” оммавий спорт мусобақаси дастурига курашни ҳам киритиш орқали уни юртимизда янада кенг тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди.
Шу тариқа, Адҳам Икрамов кураш ватани вакили сифатида уни дунёда янада ривожлантириш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан бевосита қўллаб-қувватлаш масалаларига масъул бўлди.
Конгресс давомида ҳар бир қитъа кесимида кураш ривожи учун қилинган ишлар муҳокама қилиниб, келгуси давр учун янги режа ва марралар белгилаб олинди. Тадбир давомида 10 та янги миллий федерациялар: Жибути, Миср, Қозоғистон, Нидерландия, Уммон, Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Швейцария, Эквадор IKA таркибига қабул қилинди. Шунингдек, IKA мутасаддилари ташкилотнинг янгиланган веб-сайти билан таништириб, унга курашнинг тарихи, ривожланиш босқичлари, қонун-қоидалари ҳақида янги маълумотлар жойлангани, ушбу спорт ҳақида янада кўпроқ маълумотлар олиш мумкинлиги ҳақида таъкидлашди.
Жаҳон чемпионати беллашувлари 26-28 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 15 нафар спортчи билан иштирок этиши кўзда тутилган.