Ру En O'z
22 Ноябрь 2022 1289

Дзюдо бўйича мамлакат биринчилигида янги чемпионларни кашф қиламиз

Эртага “Универсал” спорт мажмуасида дзюдо бўйича катталар ўртасида навбатдаги Ўзбекистон чемпионати старт олади. Унда Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрадиган полвонлар ғолиблик учун баҳс олиб боришади.  Келгуси йил учун терма жамоа таркибини шакллантириб олишда муҳим аҳамият касб этувчи мазкур мусобақага бўлган қизиқиш жуда катта. Ушбу мақолада бир қатор вазн тоифаларида ғолибликка асосий даъвогар бўлган спортчилар ҳақида фикр юритамиз. 

Иштирокчиларнинг рўйхатида бу йилги жаҳон чемпионлари Давлат Бобонов ҳамда Музаффарбек Тўрабоев йўқ. Очиғи, бу кутилган воқелик. Тўғриси-да, бутун дунёда уларни мағлуб эта оладиган спортчи топилмагач, ички чемпионатда бундай қаҳрамон чиқиши даргумон. Шунингдек, етакчилардан Шарофиддин Болтабоев ҳам чемпионатда курашмайди. Улар якка тартибда декабрь ойида ўтадиган Токио “Катта дубулға” турнири ҳамда Исроилда ўтадиган Мастерс мусобақасига ҳозирлик кўришмоқда. Олтин медаллар учун кураш қуйидаги спортчилар орасида кечиши кутилмоқда: 

-60 кг: Дилшод Баратов (Сурхондарё), Кемран Нуриллаев (Самарқанд), Камолиддин Бахтиёров (Қашқадарё), Мирзоҳид Маҳаммаджонов (Фарғона). 

-66 кг: Артём Штурбабин ва Муҳриддин Тиловов (Тошкент вилояти), Беҳруз Амандавлатов (Сурхондарё), Сардор Нуриллаев (Самарқанд).

-73 кг: Муроджон Йўлдошев (Тошкент шаҳри), Ҳикматилло Тўраев ва Жалолиддин Бойназаров (Сурхондарё), Обидхон Нўъмонов (Наманган), Шаҳрам Аҳадов (Бухоро). 

-81 кг: Мусо Собиров (Хоразм), Рамазон Аллабердиев (Сурхондарё), Маъруф Ҳидиров (Қашқадарё), Ғиёс Бобоев (Бухоро). 

+100 кг: Алишер Юсупов (Хоразм), Бекмурод Олтибоев (Сурхондарё), Муҳаммадкарим Хуррамов (Самарқанд), Элёр Машарипов (Қорақалпоғистон).

-90 ва -100 кг вазн тоифаларидаги ички рақобатда бошқа вазн тоифаларига қараганда таниқли спортчилар кам. Шу боис, унда янги номларни ўзимиз учун кашф қилишимиз мумкин. Аммо бошқа вазнларда шиддат ва рақобат энг юқори даражада бўлишига шубҳа йўқ. Мусобақада юқорида номлари тилга олинмаган дзюдочиларни шоҳсупада кўриш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай экан, барча дзюдо ихлосмандларини “Универсал” мажмуасида ўтадиган баҳсларни томоша қилишга таклиф этамиз.

Text to speech