Ру En O'z
18 Ноябрь 2022 1394

“Amity” университетининг талабалари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида “Amity” университетининг (Ҳиндистон) юртимиздаги филиалида таҳсил олаётган талабалар учун очиқ эшиклар куни ташкил қилинди. 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган бу каби тадбирлар ёшларимиздаги ватанпарварлик руҳини ошириш, уларни соғлом турмуш тарзи тарғиботига жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Даставвал меҳмонларга Қўмита фаолияти ва бино тарихи ҳақида гапириб берилди. Музейда эса ёшларимизга Олимпия ўйинларининг пайдо бўлиши, ўзбек спортининг бой тарихи, атлетларимизнинг халқаро майдонда қайд этаётган ютуқлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан кейин сўнгги даврда жаҳон ареналарида улкан муваффақиятларга эришиб келаётган спортчиларимиз билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбатда бадиий гимнастика бўйича Гуанчжоу-2010 Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионатининг кумуш медаль соҳибаси Замиражон Саноқулова, Қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори Зайнаб Дайибекова, бокс бўйича катталар ўртасида Осиё чемпиони Навбаҳор Ҳамидова, каратэнинг WKF йўналиши бўйича ўзбекистонлик биринчи жаҳон чемпиони, Бутунжаҳон спорт ўйинлари совриндори Достон Отаболаев иштирок этишди.

Самимий ва очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда атлетларимиз ўз қизиқишлари, эришган ютуқлари, инсон саломатлигида спортнинг тутган ўрни ҳақида гапириб, барчани спорт билан шуғулланишга чорлашди. Қизғин савол-жавобга айланган суҳбатда атлетларимиз ёш талабаларга ўзларининг керакли тавсияларини беришди.

Text to speech