Ру En O'z
16 Ноябрь 2022 1396

Оилангиз ва яқинларингиз учун ҳаракатда бўлинг!

Бугун “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида имконияти чекланган инсонлар, хусусан, спортчилар учун ажойиб мотивацион семинар ташкил этилди. ЮНЕСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган Бутунжаҳон конференцияси доирасидаги мазкур тадбирда юксак матонат эгалари янада руҳланишди. Тренингни беларуслик пара сузиш бўйича жаҳон ва Олимпиада чемпиони, мотиватор Алексей Талай олиб борди. 

Тадбирнинг очилиш қисмида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов иштирок этишди. Унда сўз олган Адҳам Икрамов тадбир аҳолининг имконияти чекланган қатлами орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш каби Президентимиз илгари сураётган ташаббуслар ижроси йўлида муҳим платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. 

Тренингда дастлаб Алексей Талай ва унинг ҳаёти ҳақида маълумот берилди. У 16 ёшида кўнгилсиз воқеа сабаб ногирон бўлиб қолади. Шундан сўнг ўзида кучли ирода топиб, барча қийинчиликларни енгиб ўтади. Спорт билан астойдил шуғулланади ва ҳамма ютуқларга эришади. Шубҳасиз, бунда яқинларнинг қўллаб-қувватлашига ҳам кўп нарса боғлиқ. Қаҳрамон ўз нутқида бундай муваффақиятга эришишида ота-онаси ва бошқа оила аъзоларининг ўрни баландлиги, ўзига бўлган ишонч, тўғри мақсад қўйиш ва турли қийинчиликларга қарамай унга интилишда давом этиш зарурлигини айтиб ўтди. 

Тадбир давомида паралимпиячиларимиз ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, уларга атрофлича жавоб олишди.

Text to speech