Ру En O'z
14 Ноябрь 2022 1303

Мамлакатимиз спортининг фидойиларидан бири Эркин Гиязов 85 ёшда!

Ўзбек гимнастикасининг фахрийси Эркин Гиязов 85 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан бугун спорт фахрийсини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Одил Абдураҳманов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Турсунов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва юртимиз спорти фидойилари иштирок этишди.

Унда сўз олган расмийлар Эркин Аббасовичнинг мамлакатимиз спорти, хусусан, гимнастика ривожи учун қўшган ҳиссаларини алоҳида эътироф этиб, ушбу йўлда қилган хизматларига миннатдорчилик билдиришди. Ўз навбатида, Э.Гиязов ҳам давлатимиз томонидан фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун ташаккур билдирди. Мутасаддилар ўзбек гимнастикасининг ушбу ёрқин вакилини қутлуғ ёш билан муборакбод этиб, эсдалик совғаларини тақдим қилишди. Тадбир давомида Абдулла Турсунов Эркин Аббасовични “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирлади.

Маълумот учун, Эркин Аббасович Гиязов 1937 йил 14 ноябрь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Гимнастика бўйича Спорт устаси талабини бажарган биринчи ўзбек атлети. Фаолиятини якунлагач, 39 йил давомида ёш спортчиларга мураббийлик қилган. 1-даражали “Меҳнат фахрийси” ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий” фахрий унвони соҳиби.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши Эркин Гиязовни ушбу қутлуғ ёши билан қутлаб, унга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Text to speech