Ру En O'z
13 Ноябрь 2022 1994

“Янги нафас” минглаб спорт ихлосмандларини бирлаштирди

Маълум қилганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шоири остида ташкил этилган мазкур лойиҳа бир вақтда Республикамизнинг 15 та шаҳрида ўтказилди. Пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” комплексининг олдида бўлиб ўтган тадбир кўтаринки руҳда ташкил қилинди.

Пойганинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Шуҳрат Халмуҳамедов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди. Унда сўз олган расмийлар Президентимиз томонидан оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига катта аҳамият қаратилаётгани, бунинг натижасида музаффар атлетларимиз халқаро майдонда юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келишаётгани, бу каби тадбирлар ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшишини таъкидладилар.

Шундан сўнг юзлаб ҳамюртларимиз 3 км масофага ўтган пойга стартида саф тортишди. Қайд этиш жоиз, унда имконияти чекланган юртдошларимиз ҳам қатнашишди. Муросасиз баҳслар якунида ғолиб ва совриндорлар рўйхати қуйидагича кўриниш олди:

Эркаклар:
1. Шаҳрам Абдураҳмонов – 9:09.11
2. Шерзод Надиёров – 9:40.20
3. Шербек Ҳайитов – 9:45.01

Аёллар:
1. Ангелина Насибуллина 12:55.70
2. Диана Бектемирова – 13:02.11
3. Зарнигор Туйғунова – 13:22.01

Паралимпия йўналиши, эркаклар:
1. Сардор Арзиқулов – 13:31.5
2. Владимир Баранов – 15:04.8
3. Камрон Давронбеков – 15:12.8

Аёллар:
1. Маҳлиёхон Ёқубжонова – 17:34.2
2. Ангелина Колесникова – 20:26.7
3. Шаҳина Азимова – 23:34.8

Text to speech