Ғуломжон Абдуллаев ва Арам Варданянни табриклаймиз!
Бугун икки маҳоратли курашчимиз Ғуломжон Абдуллаев ва Арам Варданян таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.
Ғуломжон Озодович Абдуллаев 1998 йил 11 ноябрь куни Хоразм вилоятида туғилган. Маҳоратли эркин курашчимиз халқаро ареналардаги энг катта ютуғини 2016 йил қўлга киритган. 18 ёшида U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлган. Токио-2020 Олимпия ўйинларида -57 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинлари чемпиони. Қайд этган натижалари эвазига Президентимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Арам Варданян 1995 йил 11 ноябрь куни Ереван шаҳрида таваллуд топган. Юнон-рум кураши бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатлари, қатор халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндори, Осиё чемпионатининг икки карра бронза медали соҳиби. 2019 йил Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида -72 килограмм вазн тоифасида кумуш медалини қўлга киритган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки курашчимизни таваллуд айёми билан табриклаб, уларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.