Тошкентда от спорти бўйича халқаро йиғин ўтмоқда
Пойтахтимиздаги "Universal horses stable" от спорти клубида халқаро ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтмоқда. Машғулотларда ҳамюртларимиз билан бир қаторда конкур бўйича Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Беларусь терма жамоалари ҳам иштирок этишмоқда.
Йиғинга Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев бошчилик қиляпти. Хорижий жамоалар пойтахтимизга ўз отлари билан ташриф буюрган. Машғулотларда қатнашаётган барча терма жамоаларга, хусусан, спортчилар ва отлар учун барча шароитлар яратилган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги даврда мамлакатимиз спортчилари халқаро майдонда юқори натижаларга эришиб келишмоқда, МДҲ ва Марказий Осиё минтақасида етакчилар қаторига киришди. Ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар машғулотлар давомида ўзаро тажриба алмашиб, олдинда турган масъулиятли стартга ҳозирлик кўришмоқда.