Тошкентда ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг санаси аниқ, соврин жамғармаси эса рекорд даражага етди
Иорданияда ўтаётган бокс бўйича Осиё чемпионати доирасида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлёв иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, унда келаси йил мамлакатимиз биринчи бор мезбонлик қиладиган дунё биринчилигининг саналари расман маълум қилинди. Унга кўра, бўлажак мусобақа 2023 йилнинг 1-14 май кунларига белгиланди. Баҳсларга муҳташам "Ҳумо арена" мажмуаси мезбонлик қилади.
Анжуманда IBA президенти мамлакатимиз масъулиятли чемпионатни юқори савияда ўтказа олишига ишонч билдирди. Шунингдек, унда рекорд даражадаги мукофот жамғармаси бўлишини таъкидлади. Қайд этилишича, Тошкент мезбонлик қиладиган мусобақада соврин жамғармаси рекорд даражага кўтарилиб, сумма умумий ҳисобда 5.2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бунда олтин медаль соҳиблари 200 минг, финалчилар 100 минг ва бронза медали эгалари 50 минг АҚШ долларига эга бўлишади.
"Ишонаманки, бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати юқори даражада ўтказилади ва тарихдаги энг зўрларидан бири бўлади. Мен Ўзбекистонда бўлганман ва у ерда мусобақалар қандай ташкил этилишини кўрганман. У ердаги профессионализим ва боксга бўлган меҳр кўп мамлакатлар учун намуна бўлади. Тошкентда янги чемпионларни кўришни сабрсизлик билан кутмоқдаман”, – деди У.Кремлёв.
Ўз навбатида, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Тошкент "жаҳон бокси пойтахти" бўлишидан мамнун эканлигини таъкидлади.
"Бу тасодифан бўлиб қолгани йўқ, Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери сақланиб келинаётган бой бокс анъаналари бунга сабабдир. Ўзбекистон бокс оиласи номидан шуни айтишим мумкинки, мамлакатимиз бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун барча ишни қилади", - деди Сакен Полатов.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз мезбонлик қиладиган дунё биринчилиги Париж-2024 Олимпиадаси йўлидаги дастлабки лицензиялар ўйналиши билан янада аҳамиятли.