Ҳайдар Фармон билан кураш спортининг истиқболига оид режалар муҳокама қилинди
Айни кунларда Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) президенти, Осиё Олимпия кенгашининг Осиё ўйинлари Бош директори Ҳайдар Фармон Тошкентда бўлиб турибди. Бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида мартабали меҳмон билан учрашув ўтказилиб, унда кураш спортининг ривожига оид масалалар муҳокама қилинди. Самимий руҳда ўтган учрашувда Вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, IKA Бош котиби Муҳаммад Ризо иштирок этишди.
Суҳбатда IKA ва мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, мураббийлар ва ҳакамлар малакасини ошириш учун семинарлар ташкил этиш, нуфузли мусобақаларни ўтказишдa ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Ҳайдар Фармон курашнинг халқаро майдондаги ривожини янада мустаҳкамлаш, нуфузли комплекс мусобақаларга кураш спортини киритиш, хусусан, жорий йилнинг 23-28 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига олиб борилаётган тайёргарлик бўйича гапириб ўтди. Шунингдек, IKA президенти ўзбек спорти мутасаддиларини мусобақанинг фахрий меҳмони сифатида иштирок этиш учун дунё биринчилигига таклиф қилди.
Шунингдек, Адҳам Икрамов ва Ойбек Касимов давлатимиз раҳбари томонидан кураш спортининг жаҳондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, унинг истиқболига оид янги режалар хусусида тўхталиб ўтишди. Учрашув давомида кун тартибидан ўрин олган турли масалалар бўйича атрофлича фикр алмашилди.