“Янги нафас” билан сафимизга қўшилинг
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Республикамиз бўйлаб “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шоири остида ўтадиган спорт байрами бир вақтда юртимизнинг 15 та шаҳрида ташкил этилади. Бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида мазкур тадбирга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон енгил атлетикаси федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев, ташкилий қўмита аъзолари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Спортни ривожлантириш вазири ўз нутқида бу каби оммавий спорт тадбирлари Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, аҳолини спортга кенг жалб этиш йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўз навбатида, Ойбек Касимов “Янги нафас” лойиҳаси бу каби мақсадларни амалга оширишда муҳим платформа эканини қўшимча қилди.
Тадбирда Андрей Абдувалиев мусобақага оид батафсил маълумот берди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган мусобақалар “Янги Ўзбекистон” боғи, “Ашхобод” сайилгоҳи ва “Ҳумо арена” комплексининг майдонида ўтказилиши белгиланган.
Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари тадбир ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.