Халқаро мас-рестлинг федерацияси президенти МОҚ меҳмони бўлди
Шу кунларда Тошкентда мас-рестлинг бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақа доирасида Халқаро мас-рестлинг федерацияси президенти Александр Акимов пойтахтимизда меҳмон бўлиб турибди. Ўзбекистон МОҚда ушбу мутахассис билан учрашув ўтказилиб, мамлакатимизда мас-рестлинг спортини янада ривожлантиришга оид масалалар муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, мамлакат мас-рестлинг федерацияси раиси Одил Абдурахманов, Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Ўзбекистон мас-рестлинг федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.
Даставвал, А.Акимов Осиё чемпионати доирасида халқаро федерация Президиуми ўтказилиб, унда мазкур спорт турини минтақамизда янада ривожлантириш ва оммалаштиришга оид тузилган янги режалар ҳақида гапириб берди. Халқаро федерация раҳбари ўзбекистонлик мас-рестлингчиларнинг имониятига юқори баҳо бериб, терма жамоамизга Осиё чемпионатида омад тилади.
Шунингдек, Одил Абдурахманов Президентимиз томонидан мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, аҳолини, айниқса, ёшларни спортнинг барча турларига кенг жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, иқтидорли ёшларимиз мамлакатимиз таянадиган катта куч эканини таъкидлади. Ўз навбатида, Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Ойбек Касимов жорий йил Владивосток шаҳрида ўтган Осиё болалари мусобақасида делегациямизнинг умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритишида мас-рестлингчиларимизнинг ҳам ҳиссаси катта экани, келажакда ҳам улардан катта натижалар кутилаётганини билдиришди.
Суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, унинг келгуси босқичлари ҳақида фикр алмашишди.