Ру En O'z
5 Ноябрь 2022 1182

“Fun Run” мусобақаси ўзбек спортининг ёш юлдузларини бирлаштирди

Бугун Тошкентдаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ёш спортчиларимиз учун катта байрам – “Fun Run” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. Юзлаб спортсевар ёшларни бирлаштирган тадбир кўтаринки кайфиятда ўтказилди.

Дастаб Марказнинг ёпиқ манежида пойганинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов сўз олишди. Мутасаддилар бу каби оммавий мусобақаларнинг ўтказилиши ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар ва барча иштирокчиларга омад тилашди.

“Fun Run” оммавий югуриш мусобақаси ҳар бир Осиё ўйинлари олдидан мунтазам ўтказиб келинадиган тадбир ҳисобланади. Бундай лойиҳаларни ташкил этишдан мақсад бутун қитъада бўлажак мусобақанинг шукуҳини ёйиш, спортсевар инсонларни бир мақсад остида бирлаштиришдан иборат.

Бугунги тадбирда ёш спортчилар Марказ бўйлаб 3 км масофани босиб ўтишди. Пойга якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилий қўмитанинг эсдалик совға ва медаллари тақдим этилди. Осиё Олимпия кенгаши мутасаддилари ушбу байрамни юқори баҳолаб, уни ташкил этишда иштирок этган барчага миннатдорчилик билдиришди.

Text to speech