“Fun Run” оммавий югуриш мусобақасига марҳамат!
Пойтахтимизда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларидан ташриф буюрган мураббий ва ҳакамлар учун халқаро семинар ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Эртага ўзига хос яна бир спорт байрами – Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига бағишланган “Fun Run” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида ушбу тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда МОҚ раҳбарияти, Осиё Олимпия кенгаши (ООК) мутасаддилари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган ООК вакиллари Тони Тарраф ҳамда Виссам Тркмани Хитой бўлажак Осиё ўйинларига катта масштабда тайёргарлик кўраётгани, “Fun Run” мусобақаси эса унинг тарғиботи йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ушбу тадбирга юқори савияда ҳозирлик кўрилгани, бу орқали мамлакатимиз ёшлари орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш ҳам кўзда тутилганини ҳақида тўхталиб ўтишди.
“Fun Run” қатнашчиларига бериладиган эсдалик совғалари ва медалларнинг дизайни кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Оммавий югуриш мусобақасида алоҳида фаол иштирок этган қатнашчилар Осиё ўйинларининг маскотлари тасвирланган юмшоқ ўйинчоқлар ва медаллар билан тақдирланишади.
Бўлажак тадбир эртага, соат 11:00 да Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида старт олади. Унда спортсевар барча юртдошларимиз иштирок этишлари мумкин. Қатнашчиларга махсус экипировка ва эсдалик совғалари тақдим этилади.