Тошкент халқаро семинар иштирокчиларини қутлайди
Маълум қилганимиздек, бугун пойтахтимизда Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) “Мураббийлар ва ҳакамлар фаолиятини ривожлантириш” лойиҳаси асосида халқаро семинар бошланди. Спортни ривожлантириш вазирлигида лойиҳанинг очилиш қисми бўлиб ўтди. Унда Вазирлик ва МОҚ раҳбарияти, Осиё Олимпия кенгаши мутасаддилари ва халқаро федерациялардан жалб этилган экспертлар иштирок этишди. Мамлакатимизга ташриф буюрган мураббий ва ҳакамлар ZOOM платформаси орқали ўзлари жойлашган меҳмонхонадан уланишди.
Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Даставвал сўзга чиққан Вазир Адҳам Икрамов мамлакатимизда Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, юртимизда жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб, бу каби тадбирларнинг ўтказилиши терма жамоаларимизнинг халқаро майдонда янада юқори натижалар кўрсатиши йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўз навбатида, ООК мутасаддилари ва халқаро экспертлар тадбирнинг юқори савияда ташкил этилгани, семинар ўтказиш учун барча шароитлар яратилганини алоҳида эътироф этишди.
Қувонарлиси, ҳам мураббий, ҳам ҳакамлар учун уйғунлашган бундай семинар биринчи бор Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари вакилларига ташкил этилаётган бўлиб, унга диёримиз мезбонлик қиляпти. Бу тажриба баҳслар давомида ўзаро алоқада бўладиган ҳар икки соҳа мутахассисларида бирдек илиқ таассурот қолдираётгани аҳамиятли.
Эслатиб ўтамиз, семинар дзюдо, бокс, оғир атлетика, спорт курашлари ва сузиш бўйича мураббий ва ҳакамлар учун ташкил этилган бўлиб, пойтахтимизга 14 мамлакатдан 240 нафар мутахассис ташриф буюрган.