Ру En O'z
1 Ноябрь 2022 2123

Спортни ривожлантириш вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида оммавий спорт тарғиботи, Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик мавзулари кўриб чиқилди

Бугун Спортни ривожлантириш вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазир Адҳам Икрамов бошчилигидаги Ҳайъат аъзолари, Вазир ўринбосарлари, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталарининг мутасадди раҳбарлари, ҳудудлардаги бошқарма бошлиқлари, шунингдек, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари иштирок этишди. Йиғилишда кун тартибига мувофиқ, қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:

Спорт тадбирларининг 2023 йилга мўлжалланган тақвим режаси лойиҳасини кўриб чиқиш, нуфузли спорт мусобақаларига тайёргарликни жадаллаштириш;

Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш;

Тизим ташкилот ва муассасаларида кадрлар салоҳиятини ошириш, бу борада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ЎзДЖТСУнинг 2022/2023 ўқув йили битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда ушбу йўналишда юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларни ўрганиш;

Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ва спорт мактабларини босқичма-босқич спорт инвентарлари билан таъминлаш;

Спорт таълим муассасаларида янги тизим асосида спортчиларни тайёрлаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда юзага келаётган муаммолар ва йўл қўйилаётган камчиликлар;

“Беш ташаббус Олимпиадаси”нинг 2-мавсум оммавий спорт мусобақаларини пухта ва намунавий ўтказиш.

Тадбир аввалида Адҳам Икрамов Вазирликнинг ортда қолган 8 ойдаги фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган йўналишларда ўзбек спорти тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди. Шундан сўнг кун тартибидан ўрин олган масалалар бўйича масъулларнинг маърузалари тингланиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири ҳар бир федерациядан кейинги йил тақвимини пухта ишлаб чиқиш, ҳудудлардаги спорт мактабларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, у ерда ишлаётган мутахассисларни қайта синовдан ўтказиш бўйича топшириқ берди.

Text to speech