Ҳамюртларимиз ООКнинг гендер тенглик мавзусида ўтказилаётган халқаро семинарида иштирок этишмоқда
Бугун Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида Осиё Олимпия кенгаши (ООК) томонидан қитъада гендер тенгликни таъминлаш мавзусидаги икки кунлик халқаро семинар бошланди. Тадбирдан Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) стратегик йўл харитаси, 2020+5 йилги Олимпия кун тартибига мувофиқ, Осиё мамлакатлари спорт ҳамжамиятида гендер тенглигига эришиш, хусусан, раҳбарлик лавозимларидаги аёллар ўрнини камида 30% га етказиш каби масалалар кўзланган.
Унда мамлакатимиз номидан юртимизда аёллар спортининг фаол тарғиботчилари, хусусан, ўзбек ва жаҳон гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси бош котиби Ксения Гулямова, МОҚ Халқаро алоқалар департаменти бош мутахассиси Наргиза Холмирзаева иштирок этишмоқда.
Тадбирни Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг видеомурожаати очиб берди. Шундан сўнг ООКнинг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх, Баҳрайн МОҚ президенти Шайх Холид бин Ҳамад Ал Халифа, ООК Ижроия қўмитаси аъзоси, ташкилотнинг гендер тенглик масалалари масъули Шейха Ҳаят бин Абдул Азиз Ал Халифа мавзу юзасидан расмий нутқ сўзлашди.
Қайд этиш жоиз, семинар кун тартибида Оксана Чусовитинанинг чиқиши ҳам белгиланган бўлиб, ҳамюртимиз мавзунинг долзарб масалалари бўйича маъруза қилади.
Тадбирнинг биринчи куни давом этмоқда. Унинг батафсил тафсилотлари билан келгуси хабарларда маълум қиламиз.