Ру En O'z
27 Октябрь 2022 1860

МОҚ ходимлари ва РСТИАМ шифокорлари ўзбек тилини мадҳ этишди

Миллий Олимпия қўмитаси ва Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) ҳамкорлигида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 33 йиллигига бағишланган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” номли байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбек Миллий академик драма театрининг дарғалари, Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов ва Гавҳар Зокирова, шунингдек, МОҚ ва РСТИАМ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов очиб берди ва мавзунинг бугунги кундаги долзарблиги, ўзбек тилининг жамиятимиздаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг санъатимиз дарғалари боболаримиздан мерос қолган ўзбек тилининг вужудга келиши, шаклланиш босқичлари, тилнинг инсон ҳаётидаги ўрни хусусида гапириб беришди.

РСТИАМ шифокорлари она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар билан тадбирни давом эттиришди. Атоқли ёзувчи Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар” спектаклидан парча, ўзбек спорти юлдузларининг шеърлари жамланган видеоролик йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди. Тадбир "Ниҳол" мукофоти совриндори Гулзода Худойназарова ва эстрадамизнинг таниқли вакили Шуҳрат Дарёнинг куй-қўшиқлари билан давом этди.

Text to speech