Тарихий натижа кўрсатган мерганларимиз Тошкентга қайтиб келишди
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида ўтган ўқ отиш спорти бўйича жаҳон чемпионати ўзига хос тарихий натижа билан ёдда қолди. Мусобақада ёшлар ўртасида 10 метрдан пневматик тўппончадан отиш бўйича жамоавий баҳсларда йигитларимиз кумуш медални қўлга киритишди. Бу ўқ отиш спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун жаҳон чемпионатида қўлга киритилган илк медаль сифатида қайд этилди.
Бугун Қоҳирада улкан натижа кўрсатган жамоамиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Тадбирда Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.
Эслатиб ўтамиз, дунё биринчилигида Муҳаммад Камолов, Вениамин Никитин ва Илҳомбек Обиджонов шоҳсупага кўтарилди. Терма жамоа кичик танаффусдан сўнг олдинда турган бошқа нуфузли мусобақаларга тайёргарликни давом эттиради.