Жаҳон чемпионати 2 та супада ўтказилади
Жорий йилнинг 5-16 декабрь кунлари Колумбиянинг Богота шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Париж-2024 Олимпиадаси йўлида лицензион характерга эга ушбу мусобақада қатнашиш истагини билдирган атлетлар сони ортиб бормоқда.
Маълум бўлишича, мазкур дунё биринчилигида иштирок этиш учун 1300 нафар спортчидан дастлабки талабнома келиб тушган. Гарчи мусобақа арафасида ушбу рақамлар анча камайса ҳам, қатнашчилар сони ҳар қачонгидан кўп бўлиши кутилмоқда. Халқаро оғир атлетика федерацияси баҳсларни белгиланган вақтда ўтказиш ва тугатиш, терма жамоа вакиллари ва ҳакамлар корпуси аъзоларига қулайликлар яратиш мақсадида мусобақа давомида 2 та супадан фойдаланган ҳолда беллашувларни ўтказишни режалаштирмоқда.
Мазкур дунё биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам катта таркибда иштирок этади. Бош мураббий Баҳром Мендибоев қўл остидаги жамоамиз ҳозирда мусобақага қизғин ҳозирлик олиб бормоқда.