Адҳам Икрамов Самарқанддаги инфратузилмани янада яхшилаш бўйича кўрсатма берди
Самарқанд сўнгги пайтларда дунё нигоҳи эътиборида турган шаҳарлардан бири бўлибгина қолмай, мамлакатимиз спортининг том маънодаги пойтахтига ҳам айланиб улгурмоқда. Шаҳарда яратилган инфратузилма натижасида кўплаб нуфузли халқаро мусобақалар ўтказиляпти.
Бугун Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов Самарқанд вилоятида хизмат сафари билан бўлди. Маълумки, ушбу вилоятда 2 та Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш маркази мавжуд бўлиб, уларда дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Давлат Бобонов каби кўплаб истеъдодли ёшлар етишиб чиқмоқда.
Айни кунларда ушбу вилоятда ҳам ёшларимиз орасида оммавий спорт тарғиботини кучайтириш йўлида ташкил этилган "Беш ташаббус Олимпиадаси"нинг туман(шаҳар) босқичини ўтказишга тайёргарлик кетмоқда. Спортни ривожлантириш вазири мусобақани юқори савийда ва шаффоф ўтказиш, иштирокчилар учун барча шароитларни яратиш ҳақида алоҳида тўхталди.
Адҳам Илҳамович ташриф давомида ҳудуддаги sport инфратузилмасини янада яхшилаш, мавжуд имкониятлардан максимал фойдаланиш, селекция ишларини кучайтириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатма берди.