Осиё чемпионатида яна икки олтин медаль
Қувайтда ўтаётган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигида терма жамоамиз яна 2 та олтин медалга сазовор бўлди. Бу гал жамоамиз ҳисобига кўпкурашчимиз Нодир Норбоев ҳамда баландликка сакраш баҳсида Барнохон Сайфуллаева олтин медалларни ёзиб қўйишди.
Икки кун давом этган беллашувларда Нодир Норбоев 6934 очко билан энг яхши натижани қайд этди. Иккинчи ўринни Эрон вакили Сина Афшинар (6417) эгаллаган бўлса, Саудия Арабистони вакили Сажжад Ал Алхазоли (5674) кучли учликни якунлаб берди.
Барнохон Сайфуллаева эса мамлакатимизда баландликка сакраш дастурида кучли мактаб шаклланганини яна бир бор кўрсатди. 1.84 метрга сакраган ҳамюртимиз энг яқин таъқибчилари қозоғистонлик Алина Чистякова ҳамда вьетнамлик Ан Бу Тини 11 смга ортда қолдиришга эришди.