Ру En O'z
14 Октябрь 2022 1685

Мамлакатимизда дзюдо тарғиботини янги босқичга олиб чиқиш йўлида 5 ташкилот ўртасида меморандум имзоланди

Пойтахтимизда якунига етган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати мамлакатимиз ёшлари орасида ушбу спорт тури ва унинг тарғиботини кучайтириш йўлида катта аҳамият касб этди. Бу борада яна бир муҳим қадам ташланиб, унда Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Бош котиби Жан-Люк Руже, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин, Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ва МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳамкорлик меморандумига имзо чекишди.

Тадбирда Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам иштирок этди. Расмийлар номидан дастлаб Жан-Люк Руже сўз олиб, меморандум аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Аввало, жаноб Руже мамлакатимиз илк бор ўтказган жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этганини алоҳида таъкидлаб, халқаро федерация юртимиз ёшлари орасида дзюдо тарғиботини кучайтиришдан мамнун эканини билдирди.

Шундан сўнг Адҳам Икрамов нутқ сўзлади. Спортни ривожлантириш вазири Тошкент мезбонлик қилган мазкур мусобақада терма жамоамиз қайд этган натижадан мамнун экани, айниқса, чемпионат мамлакатимиз спорти тарихидан алоҳида жой олишини таъкидлади. Қолаверса, дунё биринчилигига муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг ташриф буюргани унга қанчалик улкан даражада эътибор қаратилганидан далолат эканини айтиб ўтди.

Шунингдек, Азизжон Камилов ҳам ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан чемпионат юқори савияда ташкил этилгани, имзоланадиган меморандум келгусида Давлат Бобонов ва Музаффарбек Тўрабоев каби жаҳон чемпионларининг етишиб чиқишида муҳим касб этишини билдирди. Қолаверса, Агриппина Шин ва Бахтиёр Саидов ҳам мазкур ҳужжат ўсиб келаётган ёшларимиз орасида соғлом турмуш тарғиботини кучайтиришда ўз ўрнига эга экани ҳақида тўхталиб ўтишди.

Шундан сўнг томонлар меморандумни имзолашди. Унга кўра, Халқаро дзюдо федерацияси лойиҳага киритилган мактабгача таълим муассасалари ва мактабларга кимано ҳамда татамилар етказиб берса, Мактабгача таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари ёшларнинг шуғулланишлари учун керакли шароитларни яратади. Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ушбу муассасаларни тажрибали мураббийлар билан таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш каби вазифаларни ўз зиммасига олади.

Text to speech