Ўзбекистонда пара дзюдо бўйича нуфузли халқаро мусобақаларни ўтказиш ташаббуси илгари сурилди
Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати давомида кўплаб нуфузли спорт ташкилотлари раҳбарлари қатори IBSA кўзи ожизлар дзюдо федерацияси спорт директори Янош Тардос ҳам пойтахтимизга ташриф буюрди.
Бугун Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев IBSA кўзи ожизлар дзюдо федерацияси спорт директори Янош Тардос билан учрашди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳам иштирок этди.
Самимий кечган суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик масалаларини яқиндан муҳокама қилишди.
Жумладан, Мухторхон Ташходжаев IBSA томонидан пара дзюдо бўйича кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ҳам кўзи ожиз инсонлар ўртасида пара дзюдо спорт турига қизиқувчилар сони тобора ортиб бораётганини билдирди. Бундан ташқари, юртимизда халқаро тоифадаги классификаторларга эҳтиёж юқори экани боис, бу борада IBSA билан ҳамкорликда ўзбекистонлик мутахассисларни ҳам халқаро тоифадаги классификатор сифатида тайёрлаш бўйича таклиф билдирди. Мутасаддилар учрашув давомида Ўзбекистонда пара дзюдо бўйича нуфузли халқаро мусобақаларни ўтказиш масаласида ҳам фикр алмашилди.
Ўз навбатида Янош Тардос ҳам ўзбекистонлик пара дзюдочилар дунёда кучлилар қаторида эътироф этилишини айтиб, ушбу ютуқлар мамлакатимизда яратилган улкан имкониятлар натижаси эканини билдирди. У IBSA ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.