Ру En O'z
12 Октябрь 2022 1601

Озарбайжон ва Мўғулистон дзюдо федерациялари билан алоқалар янада мустаҳкамланди

Пойтахтимизда ўтаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон дзюдо федерацияси яна бир ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу гал Озарбайжон дзюдо федерацияси билан олиб борилаётган алоқалар расмийлаштирилди. Келишув Ўзбекистон МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов ҳамда Озарбайжон дзюдо федерацияси вице-президенти, Пекин-2008 Олимпиадаси чемпиони Эльнур Маммадли томонидан имзоланди. 

Қайд этиш жоиз, ҳар икки миллий федерация ўртасидаги алоқалар анча илиқ бўлиб, терма жамоалар ўртасида мунтазам ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиб борилади. Жумладан, пойтахтимизда ўтаётган дунё биринчилигига тайёргарлик доирасида жамоамиз хориж йиғинларидан бирини Боку шаҳрида ўтказган эди. 

Учрашув давомида томонлар ўзаро дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, бундан кейин ҳам йирик мусобақаларга тайёргарлик доирасида қўшма йиғинлар ўтказиш борасида келишиб олишди. 

Шунингдек, Азизжон Камилов Мўғулистон дзюдо федерацияси раҳбари, мамлакат собиқ президенти Халтмагийн Баттулга билан ҳам учрашди. Самимий руҳда ўтган суҳбатда ҳар икки давлатда дзюдони янада ривожлантиришга оид мавзуларда фикр алмашилди.

Text to speech