Никита Рафаловични табриклаймиз!
Бугун маҳоратли таэквондочиларимиздан бири Никита Рафалович таваллуд айёмини нишонламоқда.
Рафалович Никита Игоревич 1993 йил 10 октябрь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Таэквондо бўйича жаҳон чемпионатининг икки карра финалчиси (2015 ва 2017 йиллар). 2014 йил Инчеон шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларининг кумуш медаль соҳиби. 2018 йил Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби. Ҳамюртимиз жорий йил Корея Республикасида ўтказилган қитъа биринчилигида ҳам тенгсиз эканлигини намойиш қилди. Рио-2016 ва Токио-2020 Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган. Қайд этган натижалари эвазига давлатимиз томонидан "Келажак бунёдкори" медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Никита Рафаловични таваллуд айёми билан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат саломатлик ва улкан ғалабалар тилаб қолади.