Чунгвон Чой ташрифни "Универсал" спорт мажмуасидан бошлади
Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг мартабали меҳмонларидан бири Бутунжаҳон таэквондо WТ федерацияси президенти Чунгвон Чой пойтахтимизга етиб келгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун фахрий меҳмоннинг таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг базасига ташриф буюриши ва Ассоциация раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
Бироз аввал жаноб Чой Ўзбекистон таэквондо ассоциациясига қарашли "Универсал" спорт мажмуасида бўлди. Унда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси раҳбари Шерзод Ташматов ҳамда ёш спортчиларимиз билан учрашув ўтказилди. Суҳбат давомида Адҳам Илҳамович Чунгвон Чойни мамлакатимизда таэквондо ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ишлаб чиқилган режа билан яқиндан таништирди.