Ру En O'z
8 Октябрь 2022 1443

Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Акбар Жўраевни табриклаймиз!

Бугун оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари чемпиони ва рекордчиси Акбар Жўраев таваллуд айёмини нишонламоқда.

Акбар Жўраев 1999 йил 8 октябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган. Спортчимиз халқаро майдондаги илк муваффақиятига 2018 йил эришди. Ўшанда Жўраев ёшлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида олтин, U20 жаҳон чемпионатида эса кумуш медалга эга чиқди.

2019 йил ёшлар ўртасидаги ЖЧ кумуш медалини Фижида олтинга айлантирди. Шунингдек, Паттайя (Таиланд) мезбонлик қилган катталар ўртасидаги дунё биринчилигида силтаб кўтариш машқида иккинчи, икки кураш бўйича эса тўртинчи натижани қайд этди.

2021 йил Акбар учун муваффақиятли ўтди. Токио-2020 Олимпия ўйинлари ҳамда пойтахтимизда ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида -109 кг вазн тоифасида олтин медалларни қўлга киритди. Жорий йил Туркиянинг Конья шаҳри мезбонлик қилган Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам чемпионлик юришини давом эттирди. Полвонимиз ушбу муваффақиятлари эвазига Президентимиз томонидан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Акбар Жўраевни таваллуд айёми билан табриклаб, унга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Text to speech