Ру En O'z
4 Октябрь 2022 1187

Мариус Визер жаҳон чемпионатига олиб борилаётган тайёргарликни юқори баҳолади

Бугун Мариус Визер бошчилигидаги Халқаро дзюдо федерацияси вакиллари Спортни ривожлантириш вазирлигига ташриф буюришди. Делегацияни Вазир Адҳам Икрамов қарши олди. Шундан сўнг томонлар дўстона алоқаларнинг янги режаларига бағишланган учрашув ўтказишди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов ҳам иштирок этишди.

Мариус Визер кириш сўзида мамлакатимиз ўз тарихида биринчи бор қабул қилаётган жаҳон чемпионатига юқори даражада тайёргарлик кўраётгани, жараён кутилганидан ҳам аъло даражада кетаётганини таъкидлади. Айниқса, спортчи ва мураббий, делегацияларнинг бошқа аъзолари, хорижий ОАВ вакиллари учун яратилган шароитлар, транспорт-логистика тизими ҳақида ижобий фикр билдирди.

Ўз навбатида, Адҳам Икрамов нуфузли мусобақага тайёргарлик Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан назоратга олингани, уни юқори савияда ўтказиш орқали Янги Ўзбекистоннинг имкониятини бутун дунёга кўрсатиш режалаштирилганини билдирди. Шунингдек, у дзюдо мамлакатимиз ёшларининг севимли спорт турларидан экани, бу каби йирик турнирларга мезбонлик қилиш орқали ёш авлод вакилларини спортга янада кенг жалб қилиш кўзда тутилганини таъкидлади.

Учрашув давомида Халқаро дзюдо федерацияси ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, юртимизда йирик мусобақаларни мунтазам ташкил қилиш, ёшлар ўртасида дзюдо оммавийлигини ошириш каби истиқболли масалалар муҳокама қилинди.

Text to speech