Ру En O'z
2 Октябрь 2022 1580

“Тошкент йўлбарси” Руфат Рисқиев 73 ёшда!

Ўзбек ва жаҳон боксининг афсоналаридан бири, “Тошкент йўлбарси” номи билан донг таратган Руфат Рисқиев бугун 73 ёшга тўлди.

Руфат Асадович Рисқиев 1949 йил 2 октябрь куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топган. 1974 йилги жаҳон чемпионатида зафар қучиб, дунё биринчилигида ғалаба қозонган илк ўзбек боксчиси бўлиб тарихда қолди. Шунингдек, Руфат Асадович 1976 йилги Олимпия ўйинлари финалчиси ҳисобланади. 2019 йилдан эътиборан бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши иштирокчисига Руфат Рисқиев совринини топшириш жорий этилди.

Руфат Асадович ўзбек боксига тамал тошини қўйган инсонлардан бири. Боксчиларимизнинг ҳозирги муваффақиятларида ҳам ушбу мутахассиснинг хизмати беқиёсдир. Руфат Рисқиевнинг кўп йиллик меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган бўлиб, 2020 йил Президентимиз томонидан тақдим этилган “Дўстлик” ордени у кишининг шахсий мукофот ва совринлар коллекциясини яна биттага бойитган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Руфат Рисқиевни бугунги таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Text to speech