Ру En O'z
30 Сентябрь 2022 1307

Матбуот анжуманида жаҳон чемпионатида қатнашадиган таркиб муҳокама марказида бўлди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида дзюдо бўйича 6-13 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари терма жамоамизнинг бўлажак мусобақада иштирок этадиган таркиби, спортчиларимизнинг жисмоний ва руҳий ҳолати каби мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Тадбирда МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Улуғбек Кабулов, федерация раиси ўринбосари Шокир Мўминов, 3 карра Олимпия ўйинлари совриндори Ришод Собиров ҳамда терма жамоалар менежери Элдор Қаҳҳоров спикер сифатида иштирок этишди.

Эълон қилинган таркиб кўплаб мухлис ва мутахассислар ўртасида муҳокама бўлмоқда. Бу борада Азизжон Камилов батафсил тўхталиб ўтди. Унга кўра, терма жамоа мураббийлар штаби ҳамда шифокорлар спортчиларнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда якуний рўйхатни эълон қилган. Шунингдек, у дзюдочиларимиз ҳар бир беллашувда бор имкониятларини ишга солишларини, медаллар учун максимал даражада ҳаракат қилинишини қўшимча қилди ва бу борада терма жамоага жалб қилинган Илиас Илиадис, Марко Шпитка каби хорижий мутахассислар астойдил иш олиб бораётганини билдирди.

Халқаро майдонда улкан тажрибага эга Ришод Собиров ўз уйимизда ўтадиган бундай мусоба дзюдочиларга руҳан далда беришини, бугунги кунда спортга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, анжуманда қатнашган бошқа мутасаддилар ҳам мусобақага тайёргарлик, транспорт-логистика тизими, меҳмонлар учун яратиладиган шароитлар, трансляция йўналишларида батафсил маълумот беришди.

Анжуман якунида Азизжон Камилов давлатимизнинг терма жамоамиз тайёргарлиги, жаҳон чемпионатини ўтказиш бўйича ҳар томонлама ёрдам бериб келганини алоҳида таъкидлаб, уни юқори савияда ўтказиш учун бор имкониятлар сафарбар қилинишини айтиб ўтди.

Text to speech