Ру En O'z
29 Сентябрь 2022 1374

Жўра Зоиров II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь – Устоз ва мураббий куни арафасида мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги катта хизматлари, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни она Ватанга меҳр ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ҳамюртларимизни давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича Фармонни имзолади.

Унга кўра, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийи Жўра Зоиров II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди. Қайд этиш жоиз, ушбу мутахассис қўл остида ёшларимиз жорий йил улкан ғалабаларга эришди. Жумладан, Грециянинг Ираклион шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон, пойтахтимиз мезбонлик қилган Осиё чемпионатларида иқтидорли атлетларимиз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Шунингдек, ёш оғир атлетикачиларимиз Конья-2021 V Ислом бирдамлиги ўйинларида делегациямиз ҳисобига қимматли медалларни тақдим қилишди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси давлат мукофоти билан тақдирланган Жўра Зоиров ва унинг тимсолида барча устозларимизни қутлаб, уларга келгусида ҳам омад ва муваффақиятлар тилайди.

Text to speech