V Ислом бирдамлиги ўйинларида биринчи бўлган дзюдочиларимиз тақдирланишди
Жорий йилнинг август ойида Туркиянинг Конья шаҳри мезбонлик қилган V Ислом бирдамлиги ўйинларида муносиб тарзда қатнашган дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жами 13 та медаль билан 50 дан ортиқ давлат орасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган эди. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган жамоамизнинг хорижий йиғини якунлангач, Конья-2021 қаҳрамонлари тақдирланишди.
Тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов иштирок этиб, спортчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутладилар ва яқинлашиб келаётган пойтахтимиз мезбонлигидаги дунё биринчилигида барчаларига омад тилашди. Аҳамиятлиси, федерация нафақат спортчилар, балки уларни баҳсларга ҳар томонлама юқори даражада тайёрлаган мураббий ва шифокорларга эътибор кўрсатиб, уларни ҳам тақдирлади.
Эслатиб ўтамиз, Коньяда ўтган Ислом бирдамлиги ўйинларида дзюдочиларимиз 6 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритишган эди.