Ру En O'z
20 Сентябрь 2022 1811

Ойбек Касимов Осиё сузиш конфедерацияси Бош котиби билан учрашди

Бугун Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов Осиё сузиш конфедерацияси Бош котиби Таха Ал Кишри ва “Myrtha Pools” компанияси менежери Антонио Арпаяни қабул қилди. Суҳбатда “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари ва жорий йилнинг 22-24 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтадиган очиқ ҳавзада сузиш бўйича Осиё чемпионатига олиб борилаётган тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

МОҚ Бош котиби жаноб Ал Кишрини қабул қилар экан, уни мамлакатимизда яна бир бор кўриб турганидан бағоят мамнун эканини билдирди. Ойбек Омилович 2025 йил пойтахтимизда ўтадиган IV ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик шахсан давлатимиз раҳбари томонидан назорат қилиб борилаётганини айтиб, унга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўриш, қуриладиган спорт объектлари жаҳон стандартларининг барча талабларига жавоб бериши кераклигини таъкидлади.

Бу борада мусобақа учун ўз лойиҳасини тақдим қилган “Myrtha Pools” компанияси вакили билан ҳам алоҳида фикр алмашилди. Ойбек Касимов италиялик мутахассисга таклиф учун миннатдорчилик билдириб, лойиҳалар масъул мутасаддилар билан ўрганиб чиқилишини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, Таха Ал Кишри юртимизда спортнинг жадал суратларда ривожланиб бораётганига алоҳида тўхталди. Хусусан, 2 кундан сўнг Самарқандда старт оладиган қитъа биринчилигига тайёргарлик ҳақида илиқ фикрларини билдириб, келгусида ҳамкорликнинг янги босқичларини муҳокама қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Text to speech