Ру En O'z
13 Сентябрь 2022 1900

Юртимизда илк бор ўтадиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Хабарингиз бор, 6-13 октябрь кунлари пойтахтимиз биринчи марта дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Айни пайтда ушбу мусобақага катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида дунё биринчилигига кўрилаётган ҳозирлик, Халқаро дзюдо федерацияси талабидан келиб чиққан ҳолда унда ОАВ ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси Бош котиби Улуғбек Кабулов, Халқаро дзюдо федерациясида фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Абдулло Муродов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси терма жамоалар менежери Элдор Қаҳҳоров спикер сифатида қатнашишди.

Анжуманни Ойбек Касимов очиб берди ва Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик жараёни ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг бошқа мутахассислар ҳам ўз йўналишлари бўйича саволларга жавоб беришди.

Хусусан, Улуғбек Кабулов 2019 йил Гран-при, 2021 йил “Катта дубулға” туркумидаги мусобақаларни қабул қилганимизда тўпланган улкан тажриба асосида халқаро федерация билан иш олиб борилаётгани, бундай йирик спорт байрамидан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги ёш спорт ишқибозларининг баҳраманд бўлишлари ва бевосита баҳсларни томоша қилишлари учун уларга махсус секторлар ажратилиши ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, 140 га яқин мамлакатдан келиши кутилаётган меҳмонларга барча қулайликларни яратиш орқали мамлакатимизнинг меҳмондўстлиги, туризм, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги салоҳиятини кўрсатиш учун айни фурсат эканини таъкидлади.

Абдулло Муродовга кўра, ҳозирнинг ўзида Тошкентдаги жаҳон чемпионатини ёритиш учун 70 та хорижий ОАВдан талабнома тушган. Бу эса мусобақага бўлган қизиқишнинг қанчалик катталигидан далолат бермоқда. Мутахассис маҳаллий ОАВ ходимларига чемпионатни ёритиш учун халқаро ташкилот тизимидан қандай рўйхатдан ўтиш лозимлиги, бу борада IJF томонидан тасдиқланган йўриқнома ҳақида гапириб ўтди.

Айни пайтга келиб, 72 мамлакат Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун талабнома топширган. Элдор Қаҳҳоров эркаклар ва аёллар жамоаларимизнинг хориж йиғини якунлангач дзюдочиларимизнинг ҳолатига қараб мусобақада курашадиган тўлиқ таркиб расман эълон қилинишини билдирди.

Анжуман давомида ОАВ ходимларига ғолиб ва совриндорларга топшириладиган эсдалик совғалари, медаллар дизайни, “Ҳумо арена” атрофида меҳмонлар учун ўзбек миллий ҳунармандчилигига оид кўргазмалар ташкил этилиши, очилиш маросимига оид атрофлича маълумот берилди.

Text to speech