“Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” МОҚда меҳмон бўлишди
Хабарингиз бор, шу кунларда Тошкентда “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” лойиҳаси ўтказилмоқда. Бугун унда меҳмон бўлиб турган юлдуз спортчилар Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Спортни ривожлантириш вазирлиги ва МОҚ ходимлари қарши олишди.
Экскурсия давомида спорт элчиларига Қўмита фаолияти ва ўзбек спортининг шонли тарихи, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. Шундан сўнг меҳмонлар Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида бўлиб, Марказ фаолияти билан яқиндан танишишди.
Эслатиб ўтамиз, бугун пойтахтимиздаги “Миллий боғ” сайилгоҳида ушбу спорт юлдузлари иштирокида маҳорат сабоқлари ва катта флешмоб бўлиб ўтади. Унда иштирок этишни истаган барча спорт мухлисларини Тошкентнинг энг сўлим гўшаларидан бирида соат 17:00 да кутиб қоламиз.