“Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани “Спорт дунёни бирлаштиради” шиори остида ўтди
Маълумки, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари кўҳна Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Асосий саммитдан аввал ташкилот фаолияти доирасида биринчи бор “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” лойиҳасига асос солинди ва бугун унга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, бокс бўйича Токио-2020 Олимпиадаси ғолиби Баҳодир Жалолов, пара каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпиони Шаҳноза Мирзаева, эркин кураш бўйича Рио-2016 ва Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони россиялик Абдулрашид Садуллаев, бокс бўйича Токио-2020 Олимпиадаси совриндори қозоғистонлик Камшибек Конкабаев, бокс бўйича 2 карра Осиё чемпионати совриндори тожикистонлик Шоира Зулқайнарова, оғир атлетика бўйича Бирмингем-2022 Ҳамдўстлик ўйинлари ғолиби покистонлик Муҳаммад Нуҳ, ўқ отиш спорти бўйича халқаро мусобақалар ғолиби қирғизистонлик Рамазон Қодирбеков спикер сифатида иштирок этишди.
Даставвал янги лойиҳанинг аҳамияти, унинг минтақадаги спорт ва дўстлик ришталарини боғлашдаги муҳим ўрни ҳақида тўхталиб ўтилди. Жумладан, Шаҳрулло Маҳмудов ва Ойбек Касимов келгусида ШҲТга аъзо мамлакат вакиллари ўртасида ҳам спорт ўйинларини ташкил этиш ғояси қўллаб-қувватлангани, айни пайтда унинг лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлашди.
Анжуманнинг савол-жавоб қисми кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Баҳодир Жалолов ва Камшибек Конкабаевнинг профессионал рингда жанг қилиш эҳтимоли ҳақидаги савол йиғилганларнинг диққатини тортди. Бунга жавобан спортчилар профессионал боксда турли вазн тоифаларида фаолият олиб боришаётгани, шу боис ундаги жанг эҳтимоли кам эканини билдирдилар.
Абдулрашид Садулаев эса келажакда UFC промоушинига ўтмоқчи эмаслиги, эркин кураш тарихида ҳам Олимпиада, ҳам жаҳон чемпионатларида энг кўп ғалаба қозонган спортчи номига эришмоқчи эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, анжуман давомида бошқа таниқли спортчилар ҳам ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур лойиҳа Тошкент тинчлик ва дўстлик ришталарини туташтириб, дунё спортининг пойтахтига айланиб бораётганидан далолат бермоқда. Анжуманда ШҲТнинг спорт элчилари минтақада олимпизм ва спортнинг эзгу қадриятларини илгари суришдек ғояларни ўртага ташлаб, бу борада қизғин муҳокама олиб боришди.
Эртага пойтахтимиздаги сўлим “Миллий боғ”да лойиҳанинг иккинчи қисми бўлиб ўтади. Унда ўзбек ва жаҳон спорти юлдузлари иштирокида маҳорат сабоқлари ва флешмоб ташкил этилади. Тадбир соат 17:00 да бошланади.