Спортчиларимизнинг генетик ва фенотипик имкониятларини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда
Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази спортчиларнинг генетик ва фенотопик имкониятларини ўрганиб, уларга рационал овқатланиш ҳамда машғулот юкламаларини тўғри тақсимлаш бўйича тавсиялар бериш масаласи бўйича ишлашда давом этмоқда.
Мазкур йўналиш атлетларимизнинг муваффақиятга эришиши йўлида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 5 майдаги «2022 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги ПҚ-234-сонли Қарорда ҳам бу мавзу бўйича алоҳида топшириқлар берилган.
Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари ушбу йўналишда доимий изланишлар олиб боришмоқда. Жумладан, марказда «Олимпик» футбол клуби, қиличбозлик ва от спорти бўйича терма жамоалар аъзолари ана шундай текширувдан ўтказилди. Шунингдек, мутахассислар оғир атлетика ва енгил атлетика терма жамоаларининг базаларига бориб, машғулот жараёнига ҳалал бермаган ҳолда таҳлил олишмоқда.
Спортчиларимизнинг генетик ва фенотопик имкониятларини ўрганиш ишлари сентябрь ойи мобайнида барча терма жамоалар миқёсида тасдиқланган рўйхат асосида давом эттирилади.