«Осиё болалари» ташкилоти раҳбари Ўзбекистон ёшларига юқори баҳо берди
Спортни ривожлантириш вазирлигида «Осиё болалари» Халқаро қўмитаси раҳбари билан учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда «Осиё болалари» («Дети Азии») Халқаро қўмитаси раҳбари Владимир Максимов иштирок этди.
Учрашувда Владимир Максимов Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида ўтказилган «Осиё болалари» VII спорт ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг иштирокини юқори баҳолади. Шунингдек, мамлакатимиз делегациясини келгуси йилнинг февраль ойида Россия Федерациясининг Кемеровo шаҳрида ташкил этиладиган «Осиё болалари» II қишки спорт ўйинларига ҳам таклиф қилди.
Ўз навбатида, Адҳам Икрамов «Осиё болалари» Халқаро қўмитаси раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдирди ва албатта, ушбу ўйинларда Ўзбекистон делегацияси иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Шу билан бирга Владивостокдаги мусобақа юқори савияда ташкил этилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашувда томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, бир қатор спорт турларини ривожлантириш борасида ўзаро келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, 27 июль – 8 август кунлари ўтган «Осиё болалари» VII Халқаро спорт ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 41 та олтин, 28 та кумуш ва 45 та бронза, жами 114 та медал билан умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаган эди.