Ўзбекистон Бутунжаҳон таэквондо кунини катта флешмоб билан қарши олди
4 сентябрь – Бутунжаҳон таэквондо куни юртимизда ҳам кенг нишонланди. Бугун ушбу санага бағишлаб Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясининг майдонида мингдан ортиқ ёш таэквондочилар иштирокида катта флешмоб ўтказилди.
Жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган "Таэквондо (WT) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорда бир қатор истиқболли вазифалар белгиланган эди. Жумладан, унинг тарғиботини ошириш мақсадида ҳар йили 4 сентябрь – Бутунжаҳон таеквондо кунини мамлакатимизда ҳам нишонлаш кўрсатиб ўтилган. Бугун ўтказилган тадбирни мазкур қарорда белгиланган топшириқнинг амалий ижроси сифатида кўришимиз мумкин. Тадбир давомида федерация ходимлари, шунингдек, таэквондо бўйича Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов сўз олиб, Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан мазкур спортнинг юртимиздаги ривожи йилдан йилга ортиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтишди. Шундан сўнг барча йиғилганлар иштирокида флешмобга старт берилди.
Қайд этиш жоизки, бу лойиҳа фақатгина пойтахтимизда ташкил этилгани йўқ. Шу каби флешмоблар Республикамизнинг барча вилоятларида кўтарингки руҳда ўтказилди.