Фарғонада бир гуруҳ спорт фахрийларига кўкрак нишонлари топширилди
Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов Республикамиздаги спорт фахрийларининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш бўйича Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Б.Махситов бир неча кун давомида вилоятдаги оммавий спорт мусобақаларида қатнашиш баробарида фарғоналик қатор фидойиларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонларини топширди.
Фарғона водийсида машҳур бўлган Турсунали полвон Мамажонов, шунингдек, бошқа кўплаб нуронийларнинг хонадонига ташриф давомида уларнинг ҳолидан хабар олиниб, ҳар бир спорт фахрийлари давлатимиз томонидан эътиборда бўлиши таъкидланди.
Қолаверса, Баҳодир Махситович хизмат сафари давомида Фарғонадаги ёпиқ теннис кортининг очилиш маросимида ҳам қатнашди. Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов билан Фарғонада спорт фахрийларининг ҳолидан мунтазам хабар олиб туриш, улардаги улкан тажрибани ёш спортчимизга улашиш каби мавзулар бўйича фикр алмашилди.
Ташриф якунида фарғоналик бир гуруҳ фидойилар учун дастурхон ёзилиб, уларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди. Ўз ўрнида, нуронийларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилаёгтан ғамхўрликдан мамнун бўлиб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун дуо қилиб қолдилар.