Ўзбек боксида иш бошлаган кубалик мураббийлар матбуот анжуманида расман таништирилди
Яқинда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасида 4 нафар кубалик мутахассис фаолият бошлади. МОҚда терма жамоа мураббийлар штабининг янги таркиби билан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир аввалида Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев яқинда терма жамоага бош мураббий этиб тайинланган Тўлқин Қиличев, қолаверса, Кубадан жалб этилган 4 нафар мутахассисни расман таништирди.
Даставвал Тўлқин Қиличев мураббийлар штаби олдига қўйилган янги вазифалар ҳақида гапириб, кубалик мутахассислар билан ишлаш режасига тўхталиб ўтди. Унга кўра, профессор Карлос Виллянуэва, мураббийлар Хуан Энрике Тиссерт ва Хулио Ли Эчаварриа, физиотерапевт Хесус Альберто Монтеродан иборат гуруҳ барча ёшдаги ҳам эркаклар, ҳам аёллар терма жамоалари билан ишлаб, ўзбек бокси ривожини бутунлай янги босқичга олиб чиқишда ёрдам беради.
Кубалик мутахассисларнинг келгусида Ўзбекистон ва Куба вакиллари тўқнаш келган тақдирда спорт принципларидан келиб чиқиб, ҳамюртларимизнинг ғалабаси учун бор кучларини ишга солишлари ҳақидаги ваъдаси кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.
Мутахассислар орасида энг таниқлиси профессор Карлос Виллянуэва бўлиб, у замонавий Куба боксининг шаклланишида катта хизмат қилган. Ушбу инсон бир неча ойдан бери мамлакатимиз бокси билан яқиндан танишиб келмоқда. У келгусида ҳар бир ёш ва вазн тоифалари учун алоҳида машғулотлар режаси ишлаб чиқилиши, ҳудудлардан иқтидорли ёшларни селекция қилишдаги ўзига хосликлар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, у келаси йил Тошкентда биринчи бор ўтадиган жаҳон чемпионати, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ва унда юқори натижа қайд этишга катта эътибор қаратилишига ҳам алоҳида тўхталди.
Анжуман қизиқарли баҳс-мунозараларга бой бўлиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва мутахассислар ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.