Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида мамлакатимиз боксининг янги режалари белгиланди
Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, МОҚ ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти, мураббийлар штаби, фахрийлар, вилоят бўлими вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбир аввалида МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов сўз олиб, ўзбек боксининг сўнгги даврда эришган ютуқлари, у мамлакатимиз ёшларининг севимли спорт турларидан бирига айланиб бораётгани ҳақида гапириб, федерация раҳбариятининг сўнгги 4 йилда амалга оширган иши бўйича ижобий фикр билдирди.
Конференция кун тартибидан қуйидаги 4 масала ўрин олди: Ўзбекистон бокс федерациясининг 2018-2022 йилларда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот, янги 4 йиллик муддат учун федерация раҳбарияти таркибини қайта шакллантириш, федерация уставининг янги таҳририни кўриб чиқиш, федерациянинг янги рамзини тасдиқлаш.
Даставвал, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов биринчи масала юзасидан сўзга чиқди. Сакен Джетибаевич давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ўзбек бокси ривожи сўнгги 4 йилда бутунлай янги босқичга кўтарилгани ҳақида алоҳида тўхталди. Сўнг ортда қолган даврда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби лавозимида ишлаган Мурод Мамадалиев қилинган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Шундан кейин кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масалага ўтилди. Унда федерация раиси ва унинг ўринбосарлари, федерация бош котиби сайланиб, 11 кишидан иборат Ижроия қўмитаси таркиби шакллантириб олинди. Бу борада Сакен Полатов федерация раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов федерация раисининг ўринбосари, Шоҳид Тиллабоев Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби этиб сайланди. Сўнги даврда федерацияни муваффақиятли бошқариб, ўзбек боксининг жаҳонда муносиб ўрин топишига катта ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Ачилбай Раматов эса яна 4 йил давомида федерация раиси сифатида фаолиятини давом эттирадиган бўлди.
Тадбир давомида янги лавозимга сайланган мутасаддилар билдирилган ишончни оқлашга, Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ўзбек боксининг ривожини янги босқичга олиб чиқиб, келаси йил Тошкентда илк бор ўтадиган жаҳон чемпионати, Париж-2024 Олимпия ўйинларида юқори чўққиларга забт этиш учун бор куч-ғайратларини сафарбар қилишга ваъда беришди. Ўз навбатида, Адҳам Икрамов ҳам федерациянинг янги раҳбариятига олдинда турган масъулиятли вазифаларни бажаришлари йўлида омад тилаб, бу борада Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси доимо ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.
Шунингдек, кун тартибига мувофиқ федерация Ижроия қўмитасининг янги таркиби ҳам тасдиқланиб, федерациянинг янги рамзи делегатлар томонидан бир овоздан қабул қилинди. Шу тариқа Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.