Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов сузувчиларимизни қўлга киритилган натижалар билан қутлади
Жорий йилнинг июль ва август ойларида мамлакатимиз спортчилари Россиянинг Владивосток шаҳрида ўтказилган “Осиё болалари-2022” ва Туркиянинг Конья шаҳрида ташкил этилган V Ислом бирдамлиги ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Ҳар икки мусобақада Ўзбекистон делегациясининг тарихий ғалабаларига сузувчиларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.
Хусусан, “Осиё болалари-2022” халқаро спорт ўйинларида делегациямиз жамғармасига 1 та кумуш ва 2 та бронза, Ислом бирдамлиги ўйинларида эса 2 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медали тақдим қилинди.
Бугун Ўзбекистон сузиш федерациясида ҳар икки мусобақада шоҳсупага кўтарилган спортчилар ва уларнинг устозларига миннатдорлик билдирилди. Тадбирни мамлакат сузиш федерациясининг раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор Қувондиқ Санақулов кириш сўзи билан очар экан, юртимиз спортчиларининг “Осиё болалари-2022” ҳамда Ислом бирдамлиги спорт ўйинларида қўлга киритган улкан муваффақиятларига мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш борасида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган шароитлар асосий омил бўлаётганлигини мамнуният билан таъкидлади.
Шундан сўнг, “Осиё болалари-2022” халқаро спорт ўйинлари ҳамда Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган сузиш бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва катталар терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг мураббийларига Ўзбекистон сузиш федерациясининг ташаккурномалари, шунингдек, жаннатмакон ўлкамизнинг энг сўлим гўшаларидан бири ҳисобланган “Зомин” санаториясига йўлланмалар тантанали суратда топширилди. Эътиборли жиҳати, спортчи ва мураббийлар “Зомин” оромгоҳида нафақат ўзлари, балки, уларни вояга етказган ота-оналари билан биргаликда хордиқ чиқариш имконига эга бўладилар.