Ру En O'z
20 Август 2022 2220

Ислом бирдамлиги ўйинларининг қаҳрамонлари муносиб тақдирланишди

Бугун Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Туркиянинг Конья шаҳри мезбонлик қилган V Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди. Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, шунингдек, Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий Паралимпия қўмитасининг мутасаддилари иштирок этишди.

Тадбирни Абдужаббор Абдувоҳидов очиб берар экан, давлатимиз раҳбари улар қайд этган натижадан мамнун эканликлари, Президентимиз томонидан спортчиларимизга бундан кейин ҳам доимо мана шундай юқори эътибор берилишини таъкидлади. Муросасиз кечган баҳсларда атлетларимиз кўрсатган жасорат учун ташаккур билдириб, уларга келгуси мусобақаларда ҳам муваффақият тилади. Шунингдек, тадбирда Адҳам Икрамов жамоамизни эришилган ғалаба билан қутлаб, бу йўлда хизмат қилган делегациямизнинг ҳар бир вакилига миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ, V Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиблари 5 минг, кумуш медаль эгалари 3 минг ва бронза медали совриндорлари 2 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Ўз навбатида, спортчиларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдириб, келгусида ҳам халқаро майдонда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятларини ишга солишга ваъда беришди.

Text to speech