Ру En O'z
19 Август 2022 1724

Ўзбекистон делегацияси комплекс мусобақалардаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди

Туркиянинг Конья шаҳри мезбонлик қилган V Ислом бирдамлиги ўйинлари ўз якунига етди. Бир неча кун давом этган муросасиз беллашувларда 56 мамлакатдан ташриф буюрган 4000 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди. 265 нафар спортчи билан Коньяга ташриф буюрган делегациямиз якунда 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза, жами 158 та медаль билан умумжамоа ҳисобида мезбон Туркиядан сўнг иккинчи ўринни эгаллади!

Шубҳасиз, бундай натижа ортида Президентимиз ва давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, спортчиларимизнинг қулай шароитларда шуғулланиши учун яратиб берилаётган шароитлар турибди десак, муболаға бўлмайди. Роппа роса 2 йилдан сўнг Франция пойтахти Париж шаҳрида навбатдаги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳукуматимизнинг эътибори билан барча спорт турларидаги терма жамоаларимиз унга қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Жараён қай даражада кетаётганини кўриб олиш, ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш учун комплекс мусобақалар айни қулай имконият.

Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилиши керак бўлган Осиё ўйинлари орқали спортчиларимизни “имтиҳон”дан ўтказиш кўзда тутилган эди. Бироқ унинг келгуси йилга қолдирилиши кўплаб мамлакатлар учун Ислом бирдамлиги ўйинларининг аҳамиятини ошириб юборди. Шу боис барча жамоаларимиз Туркиянинг Конья шаҳрида ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларига қизғин тайёргарлик кўришди.

Мусобақа давомида оғир атлетика, дзюдо, спорт курашлари, енгил атлетика, таэквондо, велоспорт, паралимпия, гимнастика, қиличбозлик, каби турлар салмоқли натижа қайд этганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Албатта, кикбоксинг, сузиш, каратэ, стол тенниси, камондан отиш каби қолган спорт турларида ҳам ўзига яраша юқори натижалар қайд этилиб, қимматли медаллар қўлга киритилди. Гарчи бронза медали учун кечган беллашувларда гандбол ва баскетбол 3х3 бўйича жамоаларимиз имкониятни бой беришган бўлса ҳам, қизларимиз мамлакатимизда жамоавий спорт турлари бутунлай янги босқичга чиқаётганини кўрсатишди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Ислом бирдамлиги ўйинлари Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган жамоаларимизнинг тўғри йўлдан кетаётганини кўрсатмоқда. Конья-2021 Ўзбекистон делегацияси учун энг юқори кўрсаткич қайд этилган комплекс мусобақа сифатида тарихда қолди.

Text to speech